Янгиликлар
Янгиликлар
2022-07-13
Мазкур йўналишда қисқа даврда эришилган натижалар кўпчилик халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Бухорода ўтказилаётган Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш халқаро форумида шулар ҳақида батафсил маълумот берилди. Халқаро форумнинг иккинчи иш кунида иштирокчилар бандлик, хусусий, кичик ва ўрта бизнес, тадбиркорлик, инвестиция муҳити, қишлоқ хўжалигини трансформация қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор иш ўринларини яратиш, ижтимоий ҳимоя дастурларини лойиҳалаштириш ва рағбатлантириш ўртасидаги мувозанат масалаларини муҳокама қилишди.
Камбағалликни қисқартириш ҳақида гап борар экан, бунда албатта бандлик масаласи, аҳолига яратилган иш ўринлари масаласи жуда ҳам муҳим. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов халқаро форумнинг камбағалликни қисқартириш ва аҳолини иш билан таъминлаш, умуман аҳолини даромадли қилишдаги аҳамияти ҳақида гапирди.
–Гувоҳи бўлганингиздек, ушбу форумда хорижлик экспертлар ҳам иштирок этмоқда, – дейди вазир. – Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилган ишлар бўйича улар билан фикр алмашилди. Бошқа мамлакатларда камбағалликни қисқартириш айнан қандай йўллар билан амалга оширилаётгани тажрибаси ўрганилди. Камбағалликни қисқартиришда энг катта мезон аҳоли бандлигини таъминлаш ҳисобланади. Бизда бу борада алоҳида дастурлар қабул қилинган. Ишсиз бўлган фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашда кўмаклашиш, субсидиялар ажратиш борасида катта ижобий тажрибага эгамиз.
–Биз Осиё тараққиёти банки номидан ушбу форумда ўз лойиҳаларимиз тақдимотини ўтказдик, – дейди Осиё Тараққиёт банки эксперти Шинго Кумира. – Лойиҳаларда дунёнинг ривожланган тажрибаларини Ўзбекистонда қўллаш орқали ҳудудлар кесимида аҳоли даромадини ошириш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш назарда тутилади. Ўрганишларимизга кўра, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида катта потенциал мавжуд бўлиб, ресурслардан самарали фойдаланиш орқали аҳолини банд қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш мумкин. Бу эса, ўз-ўзидан камбағалликни қисқартиришга олиб келади.
Халқаро форумда Хитой камбағалликни қисқартириш халқаро маркази билан ҳамкорлик дастури имзоланди.
– Хитой ўтган йили камбағалликни қисқартириш бўйича мутлақ ғолибликни эълон қилган эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги департамент бошлиғи Собир Ҳайитмуродов. – Президентимиз томонидан 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш бўйича стратегия белгиланган. Шунинг учун Хитой камбағалликни қисқартириш халқаро маркази билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди. Бу дастур асосида ҳамкорлик ишлари янада такомиллашади.