Саҳифа манзили: 

Танланган матн: 

Хабар

Янгиликлар

Бухоролик масъуллар Россия Федерациясида ишлаётган ўзбекистонликлар билан учрашди

error

2022-07-13

– Чет элга, узоқ ўлкаларга қатнаб, ишлаётган юртдошларимиз дуч келаётган муаммоларни билиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида келдик, – дейди бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамроев. – Владивосток шаҳрининг “Дельфин” ресторанида Приморск ўлкасида ишлаб юрган меҳнат мигрантлари, талаба ёшлардан иборат жами 500 нафардан ортиқ фуқаро билан учрашдик. Уларнинг ижтимоий аҳволи, мурожаатлари ҳар томонлама ўрганилди. 

Тадбир ва мулоқотлар давомида бухоролик мутасаддиларга Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консули Р.Исмоилов ҳамроҳлик қилди. 

Мазкур учрашувда Бухородан бориб узоқ ўлкаларда меҳнат қилаётганларга юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, тарихий аҳамиятга эга ижтимоий-сиёсий воқеалар, жумладан, талаба ёшлар ва хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, чет элда қонуний асосда, хавфсиз меҳнат миграциясини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди. 

Хусусан, 2021 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори қабул қилингани таъкидланди. Бу қарор Республикамиз фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаши, кун кечириши учун моддий таъминотсиз қолган тақдирда молиявий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди. Шунингдек, 2022 йилнинг 1 март куни мамлакатимиз Президенти томонидан қабул қилинган “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида ҳам юртимиздан борган меҳнат мигрантларига қатор имконият ва имтиёзлар назарда тутилган.

Хизмат сафари давомида вилоят делегацияси мамлакатимизнинг Россиядаги Бош консуллиги вакиллари билан бирга Приморск ўлкасидаги қатор корхоналарда, жумладан, “Триллитон” номли темир–бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводда меҳнат қилаётган 40 нафар, Владивосток шаҳрида кўп қаватли турар жой биноси қурилишини олиб бораётган “D5–ENGENIRING” компаниясида ишлаётган 100 нафар, худди шундай, шаҳарда йирик савдо тармоғига эга ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланаётган “UNICLAB” компаниясининг объектларида банд бўлган 90 нафар бухоролик фуқаролар билан учрашди. Улар ижтимоий муҳофазасига доир тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб борди.


Владивосток шаҳридан 180 километр узоқликда Приморск ўлкасининг Михайловский туманида жойлашган “Esta Contractione” МЧЖ томонидан келгусида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжаллаб қурилаётган 2 та йирик заводда мамлакатимиздан бориб меҳнат қилаётган 650 нафар меҳнат мигранти билан учрашиб, улар дуч келаётган муаммолар муҳокама қилинди. 

Уларга ва бошқа мигрантларга яқиндан ёрдам бериш чора-тадбири белгиланди. Бундан ташқари, фуқаролар томонидан берилган барча саволлар, уларни қизиқтирган масалаларда батафсил жавоб берилди. Хориждаги юртдошларимиз билан доимий мулоқотда бўлиш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида телефон рақамлар алмашилди.

Бухоро делегациясининг олис Приморск ўлкасига ташрифи ва у ердаги юртдошларимиз билан учрашувлари давом этмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА