Саҳифа манзили: 

Танланган матн: 

Хабар

Янгиликлар

“Ишга марҳамат” мономаркази 600 минг долларга жиҳозланди

error

2022-07-13

– WorldSkills стандартлари асосида жиҳозланган мономарказда ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар автомобиль тузатиш йўналишида ҳунар эгаллайди, – дейди Бухоро вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамроев. – Натижада келажакда ўз тадбиркорлигини йўлга қўяди. Шунингдек, мономарказ битирувчилари 7 миллион сўмгача ажратиладиган субсидия олишлари ҳам мумкин.

Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳридаги Урал тадбиркорлик ва технологиялар коллежи муҳандис-устаси А.Качураев ҳамда “Автосервис хизмат кўрсатиш” йўналиши муҳандис-уста ва ўқувчилари иштирокида амалий дарс жараёнида ўзаро тажриба алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказининг қуввати бир вақтнинг ўзида 560 ўринли. “Ишга марҳамат” мономаркази собиқ Политехника касб-ҳунар коллежи ўрнида ташкил этилган. Мономарказ фаолият юритаётган бинони таъмирлаш ва жиҳозлашда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 14 миллиард 300 миллион сўм ва Жаҳон банкининг 206 минг доллардан ортиқ маблағлари жалб этилиб, жиҳозлаш ишлари WorldSkills талаблари асосида амалга оширилган.

Мономарказ тингловчиларига WorldSkills талаблари асосида таълим берилса, ўрта бўғин кадрлари эса Жаҳон бозорининг бўш иш ўрни эҳтиёжлари даражасида тайёрланади. Мономарказда 8 та хизмат тури (сервис ва хизмат кўрсатиш, техник, қурилиш, хорижий тил ўргатиш, рақамли технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка ўқитиш ва миграция хизматлари соҳалари) бўйича жами 24 турда касбга ўқитилади. 4 та хорижий (рус, инглиз, корейс, япон) тилларни ўргатиш ҳамда Тадбиркорлик асослари, миграция кўниктириш маркази фаолияти йўлга қўйилган.

Юқорида кўрсатилган касб ва тилга ўргатиш курсларига маҳаллий ҳамда хорижий иш берувчилар талаблари асосида қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мумкин. Шунингдек, корхона ва ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш бўйича пуллик ўқув курслари ташкил этиш имкони ҳам яратилган. Жорий йилда ушбу марказ битирувчилари, касбга эга бўлган аҳоли ҳамда нодавлат таълим муассасалари битирувчилари учун касбий малакани баҳолаш маркази фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА