Саҳифа манзили: 

Танланган матн: 

Хабар

Янгиликлар

Шофиркон: “Қуйи Чуқурак”да бошланган хайрли тадбирлар жадаллашди

error

2023-10-09


Хабарингиз бор, айни кунда “Қуйи Чуқурак” маҳалла фуқаролар йиғини "Обод хонадон, обод кўча ва обод маҳалла” мезонлари асосида қайта замонавий қиёфа касб этмоқда. Аҳоли талаб ва мурожаатларидан келиб чиқиб, йил бошидан бу манзилда йўл, тоза ичимлик суви, суюлтирилган газ, электр энергияси таъминоти каби зарур муҳандислик-комуникация тармоқларига доир таъмирлаш, янгилаш ва тиклаш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, шунингдек, туман ҳокими Алишер Файзуллаев бошчилигидаги масъуллардан ташкил топган ишчи гуруҳлари эса маҳаллада кўчама-кўча, уйма-уй юриб ўрганишларини мунтазам ташкиллаштирган ҳолда, инфратузилма тармоқларида, шунингдек, ижтимоий соҳа иншоотлари ободонлаштирилишига доир бажарилаётган ишларни мувофиқлаштирмоқда.

— Бугунга келиб 642 та хонадон, 826 та оила ва уларда 3780 нафар аҳолисига эга маҳалламизда асосий “драйвер”, яъни тирикчилик манбаи дала-деҳқончилик ишлари ва чорвачилик ҳисобланади. Шу боис, ҳудудда экин ери 412 гектар бўлиб, шундан 321 гектари бунда фаолият юритаётган 6 та фермер хўжалиги тасарруфидаги экин майдони, қолгани томорқа еридир, — дейди “Қуйи Чуқурак” МФЙ раиси Жасурбек Насуллаев. — Албатта, қишлоқ жойида ўз томорқасига эга бўлган оила борки, сигир-бузоқ парваришлайди, товуқ боқади. Шу билан рўзғорда сут-қатиққа, гўшт ё тухумга бўлган эҳтиёж қопланади. Бироқ шунга қарамасдан, қишлоғимизда хорижга чиқиб ишлаб келаётган расман меҳнат мигранти 200 нафарга яқинни, ишсиз ўттиздан ошиқни ташкил этмоқда.

Одамларга яратиб берилаётган шарт-шароит, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш борасида гап кетганда, маҳаллада таъмирталаб аҳволга келган қарийб 10 километр йўл қисмини талаб даражасига келтириш, жумладан, 2,5 километр йўл асосини тайёрлаб, шағал бостириш, 2,2 километр масофада пиёдалар йўлагини барпо қилиш, деярли 2,3 километр масофага ичимлик суви тармоғини тортиш, мавжуд гидроиншоотни мукаммал таъмирлаб ишга тушириш каби чора-тадбирларга жадал киришилган. Шу билан бирга, электр энергияси таъминотида кузатилаётган узилишларга барҳам бериш, трансформатор юкламаларини камайтириш мақсадида 4,5 километр масофадаги электр линиясини таъмирлаш, кабелларини янгилаш баробарида эскириб яроқсиз ҳолга келган 60 та симёғочни темир-бетон устунга алмаштириш, бу кўчаларга 30 та тунги ёритиш чироғини ўрнатиш каби ишлар давом эттирилмоқда.

Бугунга келиб туман электр тармоқлари корхонаси томонидан Қуйи Чуқурак маҳалласига 250 киловатт соат қувватига эга трансформатор, 100 киловатт соат қувватга эга қўшимча трансформатор ўрнатилиб, 2 километр масофадаги электр симлари кўрикдан ўтказилиб, созланган. Яна 20 тадан ортиқ таянч устунлар тўғирланиб, 5 километр узунликдаги тармоқ дарахт шохларидан тозаланган. Ҳудуддаги 5 та трансформатор жорий таъмирдан чиқарилиб, электр токи таъминоти ва ўтказувчанлиги яхшиланган.

Жумладан, дастур асосида олиб борилган ўрганишларда аниқланган аҳоли ташвиш ва муаммолари юзасидан 400 дан ортиқ хонадонга 200-300 килограмм кўмир етказилиб, тиббий даволанишга муҳтож йигирмадан ошиқ фуқаро туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига жойлаштирилган, кам таъминланган ва эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг элликдан зиёд хонадони ички ва ташқи фасадлари оқлаб берилгани ҳолда ўнга яқин турар жойнинг ошхона ва ҳожатхонаси қуриб берилаётгани ҳам бу оилалар учун яна бир қулайлик.

Тегишли хизматлар, ободонлаштириш бошқармаси биргаликдаги саъй-ҳаракати натижасида ҳудуддаги турар жой ва ижтимоий соҳа иншоотлари фасади тартибга солингани ҳолда 2 километр масофадаги ариқ-зовур тозаланиб, дов-дарахтларни буташ, шакл бериш ва  оқлаш ишлари давом эттирилмоқда. Бу саъй-ҳаракат аввало Қуйи Чуқуракда одамлар оғирини енгил қилиш, уларнинг муносиб шароитда турмуш кечиришлари учундир.

Қолаверса, "Обод хонадон" тамойили асосида бажарилаётган ишлар қаторида ижтимоий муҳофазага муҳтож, жисмоний имконияти чекланган йигирмадан ошиқ ногирон хонадонига суюлтирилган газ баллони ва кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулоти етказиб берилган. Шунингдек, ҳудуддаги эҳтиёжманд хонадонлардан 40 таси, ҳар бири 300 килограмдан, умумий миқдори 11 тонна кўмир ёқилғиси билан таъминланган. Айни пайтда уй-жойи таъмирга муҳтож, оғир шароитда яшаётган 14 та хонадонни эпақага келтириш, улардаги оилаларга қулайлик яратиш мақсадида таъмирлаш-тиклаш ишларига доир чора-тадбир белгиланмоқда.

Кўча ва хонадонлар билан бирга, аҳоли учун қулай дам олиш масканларини барпо қилиш, болажонларга ўйин майдончалари ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ, албатта. Маҳалладаги 33-сон умумтаълим мактаби спорт майдончасида югуриш йўлаклари қурилмоқда.